Форум жамғармасининг янги кенгқамровли лойиҳаси — “Асрлар Садоси” анъанавий маданият фестивали халқимизнинг анъана ва удумлари, амалий санъати ва миллий ошхонаси, халқ оғзаки ижоди каби йўналишларининг турфа ва хилма-хил эканлигини намоён этади. Ушбу фестиваль ҳар йили мамлакатимизнинг турли маданий ва тарихий марказларида турли мутаҳассислар, олимлар ва халқаро меҳмонлар иштирокида ўтказилади.
2008 йилда Фестивал Шаҳрисабз яқинида, 2009 йилда эса Тошкент вилоятида ўтди. 2009 йилдан бошлаб "Асрлар садоси" анаъанавий санъат Фестивали ЮНЕСКО хамкорлигида ўтказилмоқда. 2010 йили Фестиваль Хивада Ичан-Қалъа тарихий ёдгорлиги ҳудудида ўтказилди. 2011 йили "Асрлар садоси" Буҳоро шаҳрида бўлиб ўтди. 2012 йилда "Асрлар садоси" анъанавий маданият фестивали Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги қадимий Тупроққалъа ёдгорлигида ўтказилди. Олтинчи "Асрлар садоси" анъанавий маданият фестивали 2013 йил 4-5 май кунлари Навоий вилоятининг Сармишсой қишлоғида бўлиб ўтди.
Лойиҳа ўтказилган 6 йил мобайнида унда 300 мингга яқин киши иштирок этган.
2013-05-07
2013 йилнинг 4-5 май кунлари Навоий вилоятининг Сармишсой дарасида, Тошкент шахри ва Бухорода Фонд Форум ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган олтинчи «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивалининг тадбирлари бўлиб ўтди. Фестивалнинг икки куни шунчалар ёрқин ва қизиқарли ўтдики, унда қатнашган иштирокчи ва меҳмонлар сони, қизиқарли вокеалар ҳамда муҳим фактлар ҳақида алоҳида статистик маълумотлар келтириб ўтишни лозим топдик.
2013-05-07
Фонд Форум томонидан ЮНЕСКО кўмаги остида ўтказиб келинаётган “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали ҳар йили Ўзбекистоннинг диққатга сазовор, фахрланса арзигулик ва бетакрор табиат манзараларига эга манзиллар сари чорлайди. Бу йил 4-5 май кунлари фестиваль ўзининг миллий руҳияти, рангин жилоси ва бор ёрқинлиги билан Навоий вилоятида жойлашган “очиқ осмон остидаги музей” - Сармишсой дарасида меҳмон бўлди. Фестивалнинг илмий ва диний қисми иштирокчиларни Тошкент ва Бухорода бирлаштирди. Гулнора Каримованинг муаллифлик лойиҳаси бўлмиш “Асрлар садоси” бу йил 100 мингдан зиёд меҳмонларни жалб этди. Олти йил мобайнида эса фестиваль иштирокчилари сони 300 мингдан ортиб кетди.
2013-05-05
Икки кун давом этган “Асрлар садоси” фестивали фусункор шоу шаклида ўз якунига етди. Олти йилдан буён фестиваль дастурининг якуний қисми кўплаб меҳмонлар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Бинобарин, гала-концерт юлдузли осмон остида анъана ва замонавийлик, эстрада ва фольклор йўналишларини, фестиваль меҳмонлари ҳамда иштирокчиларини жамламоқда. Бу йил концерт дастури янада ранг-баранг тус олди, Туркия ва Хитойдан ташриф буюрган меҳмонлар чиқиши фестиваль кўлами ҳамда халқаро доирадаги нуфузини белгилаб берди. Байрам оқшоми ниҳоясида “Асрлар садоси” фестивали муллифи Гулнора Каримова барча лауреатларга дипломлар топширди.
2013-05-05
MEROS Ўзбекистон антикварлари уюшмасидан кимошди савдоси “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивалининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ўтган йилдаги сингари бу сафар ҳам у жаҳоннинг энг йирик аукцион уйларидан бири - CHRISTIE`S (Буюк Британия) билан ҳамкорликда ўтказилди. CHRISTIE`S мутахассиси Жеймс Лис томонидан олиб борилган аукционга замонавий ўзбек рассомларининг асарлари қўйилди.
2013-05-05
“Асрлар садоси” фестивали доирасида ўтказиладиган Миллий либослар фестивали томошабинлари бу йил турфа ҳил ва бетакрор 15 та либослар тўпламини қарши олишди. Сармишсой дараси ҳудудида ташкил этилган намойишда пойтахт ҳамда республикамизнинг бошқа шаҳарларидан келган дизайнерлар иштирок этишди. Анъанага кўра, модель қизлар фестиваль мезбони бўлган ҳудуд – Навоий вилоятидан танлаб олинди. Дизайнерлар тўпламларида ҳам анъанавий, ҳам замонавий руҳдаги либослар намойиш этилди.
2013-05-05
“Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали доирасида ўтказиладиган Миллий таомлар фестивали мамлакатимизнинг “қўли ширин” сара ошпазларини дошқозонлар бошига, “мазали” санъат шинавандаларини эса дастурхон устига таклиф этади. Бу йил 16 нафар ўзбек миллий таомлари устаси ўзининг пазандалик маҳоратини намойиш этиш учун ташриф буюрди. Барчани бир савол қизиқтирарди - “Асрлар садоси-2013” фестивалининг энг маҳоратли ошпази деган мақом кимга насиб этади?
2013-05-05
“Асрлар садоси”нинг Сармишсой дарасида бўлиб ўтадиган гала-концертида Туркия, Италия ва хитойлик меҳмонлар иштирок этишади! Фестиваль қуршовидаги шаҳарча бўйлаб тарқалган бу хушхабар маҳаллий ва хорижий иштирокчиларни бирдек қувонтирди. Айниқса, журналистлар юлдуз-меҳмонлар – туркиялик Мустафа Сандал, италиялик Массимо Гальфано ҳамда Хитойнинг “Жианг нан с жу” фольклор гуруҳи билан яқинроқ танишиш ва мулоқот қилишни интизорлик билан кута бошлашди. Навоий шаҳрида концертдан олдинги матбуот анжумани улар учун айни муддаога айланди.
2013-05-05
Сармишсой дарасида ўтказилаётган анъанавий «Асрлар садоси» фестивалининг кўп сонли иштирокчилари 5 май куни қизиқарли халқ томошаларидан яна бири - қўчқор уриштиришнинг гувоҳи бўлишди. Ҳа, айтганча, кўнгли бўш кишиларга бу ўйинни томоша қилишни тавсия этмаймиз. Қўчқор уриштириш мамлакатимиз ҳудудларида қадимдан ўтказилиб келинади ва узоқ йиллар мобайнида у халқ сайлларининг ажралмас таркибий қисмига айланган. Қўчқорлар жангининг халқ орасида ишқибозлари кўплигини бақир-чақирлару ҳуштаклар билан ўз “арзандаларини” олқишлаб турган кўп сонли томошабинлардан ҳам билса бўларди.
2013-05-05
“Асрлар садоси-2013” фестивалининг иккинчи куни халқ сайллари билан бошланиб, миллий ўйинлар: кураш, қўчқор уриштириш ҳамда бутун даврани завқ-ҳаяжонга тўлдирган улоқ-кўпкарига уланиб кетди. Юзлаб томошабинлар кўз ўнгида тупроқлар чангию, чавандозларнинг улоқ учун “жанги” билан тўлган давра ҳосил бўлди. Азалдан мардлик, ҳалоллик ва абжирлик ўйини сифатида боболаримиз давом эттириб келаётган улоқ-кўпкари бугунги авлод вакилларию хорижлик меҳмонларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлди. Бундай миллий ўйинларнинг ҳар бири ўзига хос кўтаринки руҳда ташкил этилиб, ғолиблар учун гилам, телевизор, мобил телефон, dvd-плеер каби қимматбахо совғалар топширилди. Энг фаол иштирок этганларга эса туя, от ва бир нечта қўй тақдим этилди.
2013-05-04
Бу йил Навоий вилоятида ўтказилаётган “Асрлар садоси-2013” Анъанавий фестивали доирасидаги тадбирлар пойтахни ҳам четлаб ўтмади. 4 май куни Тошккентда “Туркистон” саройининг ёзги майдонида мазкур фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Унинг меҳмони Туркиянинг машхур ҳонандаси Мустафа Сандал бўлди. Концерт хайрия мақсадида ташкил этилиб, ундан тушган маблағлар кўкрак бези саратони билан хасталарган аёлларни даволаш ва тиббий кўриклар учун сарфланади.
2013-05-04
“Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали доирасида Бухоро вилоятининг Когон туманида қайта таъмирланган Биби Орифа мақбарасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. “Меҳр нури” жамғармаси томонидан реконструкция қилинган иншоот Баҳоуддин Нақшбандий мажмуасида жойлашган бўлиб, уни қайта таъмирлаш ишлари “Меҳр нури” Жамоатчилик Кенгаши раиси Гулнора Каримова ташаббуси билан бундан қарйиб бир йил муқаддам бошланган эди. Шунингдек, Маънавий билимларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 10 та мадрасанинг 20 нафар иқтидорли талабасига стипендиялар ҳамда маънавий (диний) билим юртларнинг моддий-техник базасини кучайтириш мақсадида сертификатлар ҳам топширилди.
2013-05-04
“Асрлар садоси-2013” анъанавий маданият фествалининг илмий қисмини Бухорода ўтказилган “Ўзбекистон маданий ва маънавий меросида меъморий битикларнинг ўрни: тадқиқот, кашфиёт ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро анжуман ташкил этди. Анжуманда китоб-альбомни тўплаган ижодий ва ишчи гуруҳ аъзолари бўлмиш Ўзбекистон, Франция, Италия, Канада каби мамлакатларинг битикшунос олимлари, ЮНЕСКО мутахассислари, дипломатик корпус, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ОАВ вакиллари кабилардан иборат 120 нафар иштирокчи қатнашди. Шунингдек, анжуман давомида Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган, Хива ва Қорақалпоғистондаги меъморий битикларга бағишланган 6 та китоб тақдимоти ўтказилди.
2013-05-04
“Асрлар садоси-2013” фестивали доирасидаги анъанавий ярмарка олтинчи йилдирки, келган меҳмонларни ўзининг турфа ҳиллиги ва ўзига хос “этно” руҳиятига эгалиги билан ҳайратлантириб келмоқда. Бу гал 80 нафар ўзбек амалий-безак санъати усталари ўзларининг қўл меҳнати асосида яратилган ижодий ишларини Сармишсой дарасига олиб келишди.
2013-05-04
Хўрозлар жанги қадимий халқ томошаси бўлиб, бугунги кунгача ўз долзарблигини сақлаб келмоқда. Паррандалар жанги “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали дастурига илк йилларданоқ киритилган эди. Бу жанглар томошабоп ва машҳур бўлгани боис, улар нафақат ўзбек аҳли, балки кўп сонли сайёҳлар учун ҳам севимлидир. Бу йил паррандалар олишуви қаҳрамонлари — махсус чатиштирилган зотли хўрозлар — фестиваль ўтказилаётган Сармишсой дарасида яна бир карра кўплаб ишқибозларни жамлади.
2013-05-04
4 май - “Асрлар садоси-2013” фестивалининг биринчи кунида Сармишсой дарасида бутун Ўзбекистондан келган спортчи-полвонлар қадимий миллий ўйин – кураш бўйича беллашдилар. Бу йилги бахслар “юлдузли” беллашувларга бой ўтди, дейиш мумкин. Негаки, полвонлар орасида халқаро мусобақалар ғолиблари, шунингдек, Осиё Олимпия ўйинларида бир неча бор иштирок этган курашчилар ҳам бор эди. Иштирокчиларинг барчасига эсдалик совғалари топширилди, совринли ўринларни қўлга киритганларга эса ҳақиқий курашга хос жонли мукофот – туя, от ва 20 бош қўй топширилди.

Франция (2009):
Фестивалда мени асосан мусиқа ўзига ром этди. Созанда ва раққосаларнинг маҳорати катта таассурот қолдирди. Рақслар чин юракдан ижро этилаётгани даврага ўзига хос завқ ва табиийлик бағишламоқда.